Жаҳон | 07:37 / 25.04.2022
22759
3 дақиқада ўқилади

Эммануэл Макрон Франция президентлигига қайта сайланди

Франциядаги президентлик сайловларининг иккинчи босқичида сайловчиларнинг 58 фоиздан ортиғи овоз берган Эммануэл Макрон ғалаба қозонди. Марин Ле Пен мағлубиятини тан олди.

Фото: Getty Images

Францияда 24 апрель, якшанба куни президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, амалдаги президент Эммануэл Макрон сайловчиларнинг 58,55 фоиз овози билан ғалаба қозонди. Унинг рақиби – «Миллий бирлашув» партияси раиси Марин Ле Пен учун сайловга келганларнинг 41,45 фоизи овоз берди.

Маҳаллий вақт билан соат 17:00 (Тошкент вақти билан 20:00) га қадар сайловнинг ҳал қилувчи босқичида сайловчиларнинг иштироки 63,2 фоизни ташкил этди, деб хабар қилди мамлакат ички ишлар вазирлиги. Бу 2017 йилги сайловларнинг шу даврига нисбатан икки фоиздан кўпроқ камдир.

10 апрель куни бўлиб ўтган Франциядаги президентлик сайловининг биринчи босқичида Макрон 27 фоиздан сал кўпроқ овоз тўплаб, Ле Пендан деярли тўрт фоизга ўзиб кетди. Ҳар бешинчи сайловчи томонидан қўллаб-қувватланган сўл «Итоатсиз Франция» партияси етакчиси Жан-Люк Меланшон учинчи ўринни эгаллади. Анъанавий партиялар вакиллари - социалистлар ва консерваторлар тарихий фиаскога дуч келишди. Сайловчиларнинг иштирок этиш кўрсаткичи 73,7 фоизни ташкил қилди.

Сўнгги кунларда ўтказилган сўровлар ҳам 44 ёшли Макроннинг президентлик сайловларида ғалаба қозонишини кўрсатди, гарчи унинг 53 ёшли Ле Пендан устунлиги сезиларли даражада фарқ қилмаган. 21 апрелда, овоз бериш кунидан олдин бўлиб ўтган сўнгги теледебатда Макрон сайловолди пойгасида фаворит бўлиб қолди. Кузатувчилар эса, бетарафларнинг юқори даражаси икки номзод ўртасидаги тафовутни йўқотишидан огоҳлантирган. 2017 йилда, Макрон ва Ле Пен президентлик учун курашган пайтда сайловчиларнинг тахминан 25 фоизи овоз бермаган, бу 1969 йилдан бери Франциядаги президентлик сайловларида энг паст иштирокчидир.

Сайлов кампанияси давомида Макрон сайловчиларга ислоҳотлар ўтказиш ва Европа иттифоқига яқинроқ интеграция бўлишни ваъда қилди. Ле Пен миллий манфаатларни ҳимоя қилишга эътибор қаратди. 

Дебатлар давомида Ле Пен агар у ғалаба қозонса, мусулмон аёлларнинг жамоат жойларида бош кийимини тақиқлаш ҳақидаги баҳсли сиёсатни амалга оширишини айтди. «Миллий бирлашув» раҳбари, шунингдек, Францияга «анархистик ва оммавий» иммиграцияни тугатишга ваъда берди ва бу тенденция жиноятчиликни кучайтираётгани ҳамда мамлакат аҳолиси учун «чидаб бўлмас» бўлиб қолаётганини таъкидлади. Макрон Ле Пенни «фуқаролар уруши» бошланиб кетишидан огоҳлантирди. 

Франция президенти тўғридан тўғри умумий овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Агар биринчи турда номзодларнинг ҳеч бири кўпчилик овозга эга бўлмаса, энг кўп овоз олган икки номзод ўртасида иккинчи тур ўтказилади. Давлат раҳбари лавозимини кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллаш мумкин эмас. Макроннинг ғалабаси уни 2002 йилда Жак Ширакдан кейин иккинчи муддатга қайта сайланган биринчи Франция президентига айлантирди. 

Мавзуга оид