Спорт | 14:55 / 27.07.2022
18203
16 дақиқада ўқилади

Ёзнинг энг узун сериали. Френки де Йонг атрофидаги воқеалар ривожи

Фото: Getty Images

Эрик тен Ҳаг «Манчестер Юнайтед»га бош мураббий этиб тайинланиши биланоқ у Френки де Йонгни «Барселона»дан олиб келиши ҳақида хабарлар тарқалган, жиддий нашрлар ҳам бу келишув деярли тўқсон тўққиз фоизга ҳал бўлгани, клублар трансфер суммаси бўйича келишиб олишгани ҳақида ёза бошлашганди. Табиийки, бу ёзнинг энг узун ва тушунарсиз сериалларидан бирига айланишини ҳеч ким кутмаган, аммо...

Гоҳ Лапорта чиқиб, де Йонг ҳеч қаерга кетмаслигини айтади, гоҳ де Йонг атрофидагилар футболчининг Чемпионлар лигасида ўйнаш нияти туфайли «Юнайтед» варианти қизиқтирмаслиги ҳақида хабар тарқатишади. Буларнинг орасида тен Ҳаг футболчи билан гаплашиб олгани-ю, клублар бонуслар билан 85 миллион еврога «қўл ташашгани» ва ҳоказолар инглиз клуби мухлисларига умид берса, Барселонада қандайдир маошлар бўйича қарздорлик масаласи кўтарилиши бошланади. Хўш, бу чигал масала ҳақида нималарни билиш керак?

Френк де Йонг ва «Барселона»

2018/19 йилги мавсумда «Аякс» Чемпионлар лигасида фуррор кўтаради ва «Ювентус», «Реал» каби клубларни ортда қолдириб, турнир яримфиналигача етиб боради. Ўша таркибда 22 ёшли Френки де Йонг ҳам асосий фигуралардан бири бўлганди ва ҳатто ФИФА таъсисчилигидаги «Энг яхши ўйинчи» номинациясида кучли ўнликка киради.

Бундай «жавоҳир»га Европа топ-клублари навбатда туриши табиий эди, аммо «Барселона» эртароқ отни қамчилаган ва қишдаёқ футболчи билан расман келишиб қўйганди. Ёзда ушбу трансфер расман амалга ошади ва Френки 75 миллион евро эвазига «Барселона» футболчисига айланади.

Френк де Йонг ва Эрик тен Ҳаг

Френки де Йонг «Аякс»га 18 ёшида келган ва Эредивизияда бошқа мураббий – Питер Бош қўл остида дебют қилган бўлса-да, асосий таркиб футболчиси сифатида шаклланиши айнан Эрик тен Ҳаг билан боғлиқ. 2016/17 йилги мавсумда Френки асосий таркибда 4 ўйинда майдонга тушган, холос. Кейинги мавсумдан жамоани тен Ҳаг бошқаради ва аста-секинлик билан футболчи жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланади.

Де Йонгнинг «Манчестер Юнайтед»га ўтишида тен Ҳаг омили муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Икки томондан ҳам. Де Йонг ЕЧЛда қатнашмайдиган клубга рози бўлишига фақат собиқ мураббийи билан яна бирга ишлаш истаги асос бўлиши мумкин.

Умуман, Френки де Йонг ҳозир ҳам ўз амплуасида Европанинг энг яхшиларидан бири бўлса-да, фаолиятидаги энг юқори нуқтага Эрик тен Ҳаг қўл остида чиққан. «Барселона»даги уч йилда футболчи юзга яқин ўйинда майдонга тушган бўлса-да, жамоанинг алмаштириб бўлмас етакчисига айлана олмади. Буни клубнинг де Йонгга бўлган бугунги муносабатидан ҳам билиш мумкин. Кўп мутахассислар фикрича, айнан тен Ҳаг футболчидан максимал фойдаланишни билади ва бу бирлашув де Йонгнинг яна Европанинг энг яхшиларидан бири бўлишига замин яратади.

Ўз навбатида, Эрик тен Ҳаг Манчестердаги жамоасини Френки де Йонг атрофида қурмоқчи. Унинг фикрича, жамоага ҳимоя ва ҳужум орасида боғлиқликни таъминловчи, ўйин темпини назорат қилувчи, қисқа қилиб айтганда, Френки де Йонг етишмаяпти. Мураббийга бошқа номзодлар (масалан, Тилеманс) ҳам тавсия қилинаётган бўлса-да, у «А режа»да қатъий туриб олган ва нима қилиб бўлса ҳам, Френкини олиб келишни сўрамоқда.

Фото: Getty Images

«Барселона» футболчини нега сотмоқчи?

Икки асосий сабаб бор. Бири тактик, иккинчиси молиявий.

Тактик ёндашувга кўра, Френки амплуа бўйича марказий яримҳимоячи, плеймейкер. Унинг майдондаги идеал позицияси 4-3-3 да марказдаги учликнинг пастки қисмида, 4-2-3-1 да эса, икки таянч яримҳимоячиларидан бири сифатида. Аммо баъзи шартлар бор.

Де Йонг Канте ёки Каземиро каби яққол таянч футболчиси эмас. 4-3-3 да олдинги чизиқдаги яримҳимоячилардан бири (Видал, масалан) ҳимояланишда фаол бўлиши керак. 4-2-3-1 да эса, таянчдаги шериги кўпроқ ҳимоявий ролда бўлиши, де Йонг эса, тўп назоратида муҳим рол бажариши лозим. Бу вазифаларни де Йонг мукаммал тарзда бажара олади, аммо сезиб турганингиздек, «Барселона»да де Йонгнинг идеал ўйини учун шароит мавжуд эмас. Чунки Серхио Бускетс исмли яна бир футболчи бор. Табиийки, «Барселона» ва Хави системасида Бускетс устунроқ. Испаниялик футболчи майдонда айнан де Йонг яхши эплайдиган вазифаларни бажаради. 4-2-3-1 да Бускетс – Френки жуфтлиги у қадар яхши ғоя эмас, бу футболчилар бир-бирини тўлдириш ўрнига, халақит бериши мумкин. 4-3-3 да Френкини олдинга қўйишдан ҳам мантиқ йўқ – Бускетснинг ёши ўтиб бормоқда, табиийки, яримҳимояда унинг шериклари сифатида анча фаол бўлган Педри-Гави жуфтлиги фойдалироқ кўринади. Кессьенинг келиши ҳам бекорга эмас, Гавининг ўрнига де Йонг эмас, ҳимояланишда фаол бўлган Кессье кўпроқ мос келади.

Албатта, мавсум катта, жароҳатлар бор, ҳеч қайси мураббий де Йонг каби футболчидан ажралгиси келмайди. Лекин масаланинг молиявий томони бор. Испанияда маошлар лимити қаттиқ амал қилади, яъни клуб маошлар учун даромадга пропорционал шаклда маълум чегарадаги суммани сарфлай олади. Клуб оғриқлироқ позициялар учун Левандовски, Рафинья, Кессье, Кристиансен каби футболчиларни олиб келди, катта эҳтимол билан Кунде ҳам сотиб олинади. Бу эса, шундоқ ҳам чегарада бўлган клуб ведомостини қийин аҳволга солиб қўяди. Кимнидир катта пулга сотиб, муаммони ҳал қилиш керак.

Агар Педри, Гави, Фати каби тарбияланувчиларни инобатга олмасак, «Барселона» таркибида яхши пулга сотилиши мумкин бўлган активлар у қадар кўп эмас. Пике, Бускетс ва Албанинг ёши катта, улар фаолиятини тугатиш арафасида бўлган футболчилар, Депай, Дест каби футболчиларга эса, 20 миллион евродан кўп таклиф қилишмайди.

Бундай шароитда катта пулга сотиб, бутун муаммоларни бирданига ҳал қилиш имконияти – де Йонг. Нақд харидор бор, юқорида айтганимиздек, футболчи майдонда яққол позицияга эга эмас. Хави ҳам, ҳар қанча футболчини юқори баҳоламасин, Левандовски каби ижрочиларнинг келишига айнан де Йонгнинг эҳтимолий трансфери йўл очганини яхши тушунади. Аммо...

Маош бўйича зиддият қаердан келиб чиқди?

Футболчи «Барселона» билан 2025 йилгача шартнома имзолаган ва клуб ҳар йил учун 14 миллион евро маош тўлаши лозим эди. Аммо орага пандемия инқирози тушади ва клублар салкам бир ярим йил томошабинларсиз ўйнашларига тўғри келди. «Матчдэй» даромадларисиз клуб қийин аҳволга тушиб қолди ва бир қатор етакчи футболчиларнинг маошини қисқартирганди. Лекин бу шунчаки, маошнинг ярмидан кечиб юбориш эмас, кейинги йилларда қўшиб тўлаш шарти билан амалга ошган.

Хуллас, де Йонг 2020/21 йилги мавсум учун 3 миллион евро, 2021/22 йилги мавсум учун 6 миллион евро маош олади ва ўртада икки йил учун 19 миллион евролик фарқ юзага келади. Келишувга кўра, клуб бу пулларни шартномадаги сўнгги икки йилда (2023/24, 2024/25) маошга қўшиб, тўлаб бериши кўзда тутилган.

Ана энди, агар клуб футболчини сотиб юборадиган бўлса, ўша ўтган йиллардан қолган маошлар нима бўлади? Клуб 2 йилдан кейин тўлаши керак бўлган маошни жарақлатиб санаб беришга тайёрми? Ёки де Йонг «Юнайтед»да ўйнаш учун 19 миллион евродан кечиб кетиши керакми? Силлиқ кечаётган трансфер жараёнини мана шу саволлар тўхтатиб қўйди.

«Барселона» футболчини сотмоқчими ўзи?

Бир ойча олдин Хуан Лапорта «Де Йонг ўзимизга керак, сотилмайди» деганида бошқа сценарий учун йиғилган томошабинлар шок ҳолатга тушиб қолишганди. Албатта, бу шунчаки, нарх ошириш сиёсати экани маълум бўлди ва «Юнайтед» таклифни 15 миллион еврога кўтаргач, томонлар келишиб олишди. Шунда ҳам трансфер чўзила бошлагани кутилмаган ҳол эди, зеро ўша 15 миллион евро бекорга қўшилмагани, бу сумма билан «Барселона» Френки олдидаги эски қарзларини ёпиши кўзда тутилгани тахмин қилинаётганди. Аммо футболчи ҳам, унинг агенти ҳам «Барселона»дан кетишга қарши бўлиб олди. Табиийки, бунинг сабабини тушуниш осон – клуб ҳалиям 19 миллион еврони тўлаб бермоқчи эмас.

Клублар мавсумолди йиғинларини бошлади ва де Йонг АҚШга бориб, «Барселона» таркибига қўшилди. «Интер Майами», «Реал», «Ювентус»га қарши ўйинларда бир бўлимдан ҳаракат қилди ҳам. Аммо марказий ҳимоячи сифатида.

«Де Йонгни жуда қадрлайман. Айнан марказий ҳимоячи сифатида у бизга керак бўлади. Аммо бир қатор молиявий муаммолар борки, истагимизга қарши уларни ҳам ҳал қилишимиз керак», – деди «Интер Майами»га қарши ўйиндан кейин Хави. Бошқа манбаларга кўра, клуб де Йонгга жамоада қолиши мумкинлиги, аммо маошни икки баробар қисқартиришга рози бўлиши кераклигини айтган.

Марказий ҳимоячи? Ахир, Пике бор, Гарсия бор, катта суммага Кунде олиб келиниши арафасида-ку? Молиявий муаммолар? Маошни қисқартириш? «Кет» деб қўя қол, тўғрими? Табиийки, «Барселона» очиқ «кет» дея олмайди, у ҳолда де Йонгни кўндириш учун эски қарзлар бўйича талабини қондириши керак. Гўёки «Барселона» шундай позицияни эгаллаганки, аввал де Йонг биринчи бўлиб, марказий ҳимояда ўйнамоқчи эмаслигини ёки асосий таркибда кўпроқ майдонга тушиш учун бошқа клубга трансфер қилинишини сўраши керак. Ана ўшанда, «Барселона» ўз шартларини қўйишни бошлайди ва футболчидан ўша 19 миллионнинг қанчадир қисмидан воз кечишни сўраши мумкин.

Умуман, клубнинг бугунги ҳолати ўзи қарздор бўлиб туриб, қимматбаҳо харидлар қилиб юрадиган одамларни эслатаётгандек. Клуб нафақат де Йонг, бошқа футболчиларнинг ҳам маошини қисқартирган, Дембеле камроқ маошга қайта шартнома имзолади, Обамеянг ўтган мавсумда деярли маошсиз ўйнади. Аммо шу олти ойда Ферран Торрес, Левандовски, Рафинья ва Кунде трансферлари учун 200 миллионга яқин пул сарфланмоқда. Қизиқ.

Де Йонг ростдан ҳам «Юнайтед»га ўтмоқчи эмасми?

Баъзи хабарларда футболчи аслида бошқа жамоага ўтишга қарши эмаслиги, шунчаки, «МЮ»нинг ЕЧЛда қатнаша олмаслиги тўсиқ бўлаётгани ҳам такрорланмоқда. Бу орада «Челси» ва «Бавария» клублари ҳам тилга олинмоқда ва агар трансфер ўша жамоаларга бўлса, де Йонг ҳозироқ кетишга қарши эмасдек.

Аммо мантиқан олганда, бу хабарларда асос йўқ. Чунки, агар де Йонг қатъий равишда «МЮ»ни рад этганида, инглиз клуби икки ойдан бери ушбу трансферни кутиб ўтирмасди. Келишни истамаётган футболчи учун 85 миллион евро таклиф берилмайди. Клуб аллақачон бошқа вариантлар учун ҳаракатни бошлаб юборган бўларди. Маълум бўлишича, тен Ҳаг «МЮ» раҳбариятидан охиригача боришни ва имконият бор экан, трансфер ойнасининг сўнгги кунигача ҳаракат қилишни талаб қилган. Агар мураббий шу пайтгача собиқ шогирди билан ўзаро мулоқотда келишиб қўймаганида, бундай талаб қўйилмасди.

Ўз навбатида, «Челси» ёки «Бавария» каби клублар, агар ростданам де Йонг учун ЕЧЛ асосий приоритет эканини аниқ билишганда, кутувчи позицияда бўлишмасди ва айниқса, трансфер бозорида тинмай омадсизликка учраётган «Челси» фаолроқ ҳаракатни бошлаб юборарди.

Вазият қандай якунланади?

Албатта, «Барселона» Френкини сотмасдан туриб ҳам яшай олади. Клуб кейинги 25 йиллик трансляциядан ҳуқуқининг бир қисмини олдиндан бошқа компанияга сотди ва бирданига катта сумма даромад қилди. Аммо юқорида айтганимиздек, майдондаги ўрни у қадар аҳамиятли бўлмаган футболчи учун катта пул олиш имконияти кейин бўлмаслиги мумкин.

Яна бир эътиборли жиҳат, Френки де Йонг барибир специфик футболчи ва маълум шартлар ва шароитлар остида ўта фойдали бўлиши мумкин. «Аякс»да ўшанда порлаган деярли барча футболчилар, де Йонгдан ташқари, де Лигт, Ван де Бек, Зиёш ҳам кейинчалик ўша даражага чиқа олмаётганликларини мисол қилса бўлади. Айтмоқчиманки, де Йонг учун катта пул бера оладиган клублар доим ҳам бўлавермайди. Тен Ҳагнинг Манчестерга келгани ва футболчи учун яхши шароит пайдо бўлгани айнан ҳозир қўл келяпти, балким, «МЮ» бошқа футболчи билан масалани ёпса, де Йонгни айтилган нархга сотиш қийинлашиб қолади.

Футболчининг агенти Али Дурсун Френки учун янги клуб тайёр эканини, аммо биринчи навбатда «Барселона» қарзларини тўлаши лозимлигини айтди. Демак, де Йонг Англияга боришга тайёр лекин, 19 миллион евро тўланиши керак.

Ўз навбатида, Нидерландия футболчилари касаба уюшмаси раиси Евгений Левченко ҳам Френки билан боғлиқ ҳолатга муносабат билдирди: «Бу тентаклик. «Барселона» футболчидан маошни камайтиришни сўрамаслиги, масъулиятни бўйнига олиши шарт», деди у. Вазиятга ИФА (Испания футболчилар ассоциацияси) президенти Давид Аганцо ҳам аралашгани хабар берилмоқда.  

Вазият катталашса, масаланинг ечилиши тезлашиши мумкин. Бу ерда клуб томонидан вазифаларнинг бажарилмаслиги асос қилиниб, шартнома бекор қилиниши, табиийки, мумкин эмас. Чунки 19 миллион евро эски қарздорлик бўлса-да, 2024 йилдан бошлаб тўланиши кераклиги бўйича келишув бор. Яъни бу сумма қарздорлик сифатида классификация қилинмайди. Аммо кўп ташкилот ва шахсларнинг аралашуви клубнинг нуфузига ҳам таъсир қилиши мумкинлиги ҳисобга олинса, «Барселона» қандайдир ён босиши эҳтимоли бор.

«Барселона» 19 миллион еврони дарҳол беришига ишониш қийин. Лекин музокаралар ёрдамида, камроқ суммага ҳар икки томон ҳам рози бўлиши мумкин. Де Йонг орадаги фарқни «Манчестер Юнайтед» билан келишувда маошини бироз ошириб тўлдирадими ёки трансфер нархига яна 4-5 миллион евро қўшилиб, шу ёрдамида қарздорлик ёпиладими, у томони энди майдароқ масалалар.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид