Ўзбекистон | 20:46 / 07.12.2022
16166
2 дақиқада ўқилади

Ўз вазифасига масъулият билан ёндашмаган энергетика корхоналари раҳбарларига ҳайфсан берилди

Энергетика вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда электр таъминотида чекловларни киритишда белгиланган тартибларга риоя этилмаётгани истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги қаттиқ танқид қилинган. Камчиликларга йўл қўйганлиги учун бир қатор раҳбарларга «ҳайфсан» берилган.

Жумладан, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исакулов, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Рўзиқул Райимов, «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» филиали директори Анвар Музапов ва «Тошшаҳарнур» ДУК директори Умидбек Ражабовга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилган.

Энергетика вазирлигида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, прокуратура органлари ҳамда тизим корхоналари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича тузилган махсус штабнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган.

Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Йиғилишда ҳозирги кунда энергия ресурслари таъминотидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, бу борада олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилган.

Йиғилишда махсус штаб ташкил этилганига қарамай, жойлардаги ҳудудий штабларнинг фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаганлигига алоҳида урғу берилди.

Айрим масъул раҳбарларнинг долзарб муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишда ишларни тўғри ташкил қилмаётганлиги, бунинг натижасида тизимда кўплаб техник носозликлар содир бўлаётгани, энергия тежамкорлик масалаларида камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳамда электр таъминотида чекловларни киритишда белгиланган тартибларга риоя этилмаётгани истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги қаттиқ танқид қилинди.

Йиғилишда ёқилғи-энергетика тармоғидаги муаммоларни бартараф этишда кўрилаётган чора-тадбирларни виждонан амалга ошириш ва бунинг натижасида истеъмолчиларни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш бош мезон эканлиги, бунда эса соҳада ижро интизоми масаласи ниҳоятда муҳимлиги алоҳида таъкидланган, — дейилади хабарда.

Мавзуга оид