Ўзбекистон | 15:50 / 26.12.2022
19321
3 дақиқада ўқилади

«Қайси вазирликдан қанча одам қисқартирилиши ҳозирча маълум эмас» – Отабек Ҳасанов 

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов давлат хизматчиларининг сони қай тартибда қисқартирилиши бўйича маълумот берди. «35 фоизгача қисқариш дегани бу – 118 минг кишидан 30 мингтани айириб ташлаш дегани эмас, қайсидир вазирликда 10 фоиз, қайсидир бирида 30 фоиз қисқариш бўлади», деди у.

Фото: KUN.UZ / Отабек Ҳасанов

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов Халқаро пресс-клуб сессиясида давлат ташкилотларида амалга оширилиши кутилаётган ходимларнинг қисқартирилиши бўйича тўхталиб ўтди.

«Маъмурий ислоҳотнинг асосий ғояси, халққа самарали натижа бериш. Бундан кейин, ким фойда келтирса, у ишини давом эттириб кетаверади, фойда келтирмаётган иш ўринлари эса қисқариб кетаверади. Мақсад шу.

Бизга савол билан мурожаат қилишяпти, мен бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келяпман, бошқа жойга яна танловдан ўтиб ишга жойлашаманми деб. Йўқ. Агар янги жойдаги тенг лавозимга давлат хизматчиси тавсия қилинаётган бўлса, бу ротация шаклида бўлади ва у танловдан ўтмайди. Шунинг учун, биз vacancy.argos.uz порталида вақтинчалик танловларни эълон қилишни 15-20 январга қадар тўхтатдик. Тегишли ташкилотлар билан штатларни қайта кўриб чиққанимиздан сўнг, қаерда очиқ жой қолган бўлса, кейин танловларни эълон қиламиз. Одамларни икки марта овора қилмаслигимиз керак. Лавозими тенг жойга ва лавозимидан пастга ишга ўтаётганлар учун танлов бўлмайди.

Адлия вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги 1 ой муддатда қайси вазирликда, қайси лавозимлар мажбурий бўлишини белгилаб беради. Қолганлари бўйича вазирликнинг ўзига ваколат берилмоқда.

Олдин янги вазир келса, кўпчиликни ишдан бўшатвориб, ўзининг жамоасини тузарди. Энди ундай бўлмайди. Қонунда давлат хизматчисига кафолатлар бериб қўйилган.

Ҳозирда ички танлов ва ташқи танлов эълон қиляпмиз. Танловдан ким ўтса, ўша ишга киради. Бу жараёнларнинг адолатли бўлишига эса, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва бошқа ташкилотлар жавоб беради. Янги структуранинг бўш қолган жойларига ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида бўлади.

Бугунги кунда 61та ташкилот ва 208 та ҳокимият тизимида 118 минг киши меҳнат фаолиятини амалга оширади, уларнинг ўртача 55-60 фоизи республика даражасидаги ташкилотларда ишлайди. Лекин 35 фоизгача қисқариш дегани бу 118 минг кишидан 30 мингтани айириб қўйиш эмас, қайсидир вазирликда 10 фоиз, қаердадир 30 фоиз қисқариш бўлади. Масалан, Молия вазирлигида 30 фоизлик қисқартиришни амалга оширсак, бу қайсидир ислоҳотларни амалга оширишга халақит бериб қолиши мумкин. Лекин бошқа бир вазирликда 40 фоизгача қисқартириш имконияти мавжуд бўлиши мумкин. 118 минг киши сон жиҳатдан аниқ қисқаради, аммо қайси вазирликдан қанча одам қисқартирилиши ҳозирча маълум эмас, буни таҳлиллар асосида, кейинроқ эълон қиламиз», деди Отабек Ҳасанов.

Мавзуга оид