Жаҳон | 18:50 / 26.04.2024
7914
2 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги терактни содир қилган аёл еттита умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

2022 йил ноябрида Истанбул марказидаги Истиқлол кўчасида содир бўлган теракт оқибатида 6 киши ҳалок бўлган эди. 

Фото: TRT Haber

Туркиянинг Истанбул шаҳри Олий жиноят суди 2022 йил ноябр ойида Истиқлол хиёбонидаги терактни содир этган аёлга ҳукм чиқарди.  

Аҳлам ал-Башир еттита умрбод ва 1794 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар берди TRT Haber. Прокурорлар унга 1949 йилдан 3009 йилгача қамоқ жазосини сўраган эди. 

Қайд қилинишича, 1999 йилда туғилган Ал-Башир Сурия фуқароси ҳисобланади. У 2022 йил 13 ноябр куни Истанбул марказидаги Истиқлол кўчасида бомба солинган сумкани қўйиб кетган. Сайёҳлар билан гавжум кўчадаги портлаш оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 99 киши яраланди. Аёл кузатув видеокамераларидаги ёзувлар орқали топилди ва яширинган уйида ҳибсга олинди. 

Туркия ҳукумати терактда «Халқ мудофаа отряди» ва Курдистон ишчилар партиясини айблади. 

2022 йил 20 ноябр куни Туркия қуролли кучлари Сурия ва Ироқдаги курд ҳарбий бўлинмаларига қарши ҳаво операциясини бошлади. «Қилич-тирноқ» номли операция 8 кун давом этди. Туркия армияси маълумотларига кўра, Ироқ ва Сурияда 364 нафар террорчи йўқ қилинган.

Мавзуга оид