«Тоттенҳэм» ва «Тики-Така»
Йўқ, мақола кутганингиздек, сарлавҳадан тахмин қилганингиздек, кўринишидан, номидан ҳақиқий британ жамоаси бўлмиш «Тоттенҳэм»нинг таниш услуб устидан қандай ғолиб чиққани ҳақида эмас.
Чорак финал ўйинлари олдидан кўпчилик ярим финалда «Аякс», «Барселона», «Ливерпуль» ва яна Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си бўлишини кутишганди ва 70-йиллар бошидан муваффақият қозона бошлаган «тотал футбол», ёки бошқачароқ айтганда «тики-така»нинг триумфи ўлароқ қабул қилишганди. Аммо «Тоттенҳэм» барчасини бузиб юборгандек бўлди.
Лекин агар чуқурроқ қаралса, «Тоттенҳэм» ҳам бу «гуруҳ»га бегона эмас экан, аксинча, бу жамоа голланд футболига тарихан анча яқинроқ ҳам. Почеттино жамоаси «Аякс»га ўхшашроқ футбол кўрсатишида, шунингдек, лондонликлар таркибида тўрт нафар собиқ аяксид ўйнашида каттароқ сабаблар бор экан. Станислав Минин ўзининг телеграмдаги «Дозволенные речи» каналида айнан шу ҳақида ҳикоя қилади. Жуда қизиқ.
Чунки «Тоттенҳэм» билан ҳам бундай боғлиқликларни топиш мумкин. 1912 йилда Питер Макуилльям «Тоттенҳэм» мураббийи этиб тайинланади. Кўпчиликдан, жумладан, ўша пайтдаги етакчи инглиз мураббийларидан фарқли равишда, Питер қисқа паслар билан ўйнаб, тўпни назорат қилиш муҳимлигини айтар, тўпни тепиб юбориб, орқасидан югуриш самарасиз деб ҳисобларди.
Макуилльям бунга Шотландиянинг «Куинз Парк» клубида ўрганганди. Ҳозир тасаввур қилиш қийин, аммо рост, 19-20 аср оралиғида айнан шотландияликлар пас билан кўпроқ ўйнаш ҳақида ўйлай бошлаган ва ўша замонлардан бироз илгарилаб кетган эканлар.
Макуилльям ташаббуси билан Кент лигасида «Нортфлит Юнайтед» номли жамоа тузилади ва у ерда «Тоттенҳэм» учун футболчилар тарбиялана бошланди. Англиядаги «Ла Масия» деб ҳам тушуниш мумкин. Болаларга асосан тўп билан яқин бўлиш ўргатиларди.
Макуилльям 1927 йилда «Мидлсбро»га кетади, 1938 йилда эса, яна «Тоттенҳэм»га қайтади. Унинг ғоялари ҳамон ўша ўша эди. Унинг жамоасида Артур Роув (30-йилларнинг Бускетси ёки Гвардиоласи дейиш мумкин), Билл Николсон, Вик Бэкинҳем каби футболчилар етакчи эди. Роув ва Николсон кейинчалик «Тоттенҳэм»га мураббийлик қилишди ва устозларининг фалсафасини давом эттиришди. Бэкинҳэм эса...
Вик Бэкинҳэм «Нортфлит» тарбияланувчиси, мураббий сифатида 1959 йилда «Вест Бромвич» билан Англия Кубогини ютади. Ва ўша йили Нидерландияга кетиб, «Аякс» бош мураббийига айланади. Бэкинҳэм у ерда ўзига мос футболчилар билан тўқнашади – у ерда ҳам ўз академияси бор ва болалар пас билан ўйнашга ёшликдан ўргатилар эдилар. «Аякс» Викнинг бир пайтлар «Тоттенҳэм»да ўргатилган ғояларини қабул қилишга тайёр эди.
Вик Шеффилдга кетди, аммо кейинроқ, 1964-65 йилги мавсумда яна Амстердамга қайтади. Вик фақат бир йил ишлайди, мавсум анча муваффақиятсиз чиқади. Аммо 1964 йилнинг ноябрида айнан Вик ҳали ёш ва ҳеч ким танимайдиган Йохан Кройфни илк бор майдонга туширганди.
1965 йилда Бэкинҳэм ўрнига Ринус Михелс тайинланади. Уёғини биласиз, мураббий Михелс ва футболчи Кройф жуфтлиги Европа футболида инқилоб қилганди. Кейин эса, айнан Михелс ва Кройф Барселонага тотал футболни олиб келади.
Қизиғи, уларнинг футболига Барселона аллақачон тайёр эди. Нега? Чунки 1969 йилнинг охирида «Барселона» раҳбарияти Вик Бэкинҳэмни жамоага мураббий сифатида танлаганди.
Айнан унинг ғоялари билан «Барселона» Михелс ва Кройф келишига мослашиб бўлганди. Вик шогирдларини ҳар дақиқада сценарий ўзгариб турадиган фильм актёрларига қиёслаб, майдондаги ўзгаришларга доим мослашиш, ҳар бир лавҳага таъсир қилиш лозимлигини уқтирарди. Бэкинҳэм анча аввалроқ Кройфни «Барселона»га таклиф қилмоқчи бўлган, аммо Испанияда легионер футболчиларга тақиқ мавжудлиги туфайли унинг келиши кечикканди. Кройф кейинроқ, 1973 йилда Каталония пойтахтига келади. У пайтда Вик жамоани тарк этиб бўлган, унинг ўрнига жамоани Ринус Михел бошқараётганди.
Давом этамиз, 50-йилларда «Вест Бромвич»да, 60-йилларда «Фулҳэм»да Бекинҳэм қўл остида Бобби Робсон ўйнаган. У эса ўз навбатида, 90-йилларда бир мавсум «Барселона»ни бошқарганини биласиз. Робсон Барселонага келишидан олдин ҳам, кейин ҳам, Нидерландияда мураббийлик қилган.
Англиялик машҳур таҳлилчи ва журналист Жонатан Уилсоннинг ҳисоблашича, 1980-90 йиллар оралиғида бир-биридан мустақил равишда икки мураббий тотал футболнинг замонавий футболга мослаштиришган. Бу ғояни катта жисмоний куч, темп ва прессинг талаб қилинадиган янги футбол талабларига жавоб берадиган шаклда ривожлантиришган.
Луи ван Гаал ва Марсело Бьелса. Ван Гаалда ҳаммаси тушунарли – «Аякс» ва «Барселон». Буюк нидерландиялик мураббийларнинг йўли.
Марсело Бьелса эса, Европага келишидан олдин ўз ғояларини Аргентинанинг «Ньюэллс Олд Бойз» клубида амалда синаб кўрган. Бьелса у ерда аввалига мураббий ёрдамчиси, кейин ёшлар мураббийи, кейинроқ эса бош мураббий сифатида фаолият юритган. Ўша пайтларда унинг қўл остида Маурисио Почеттино ҳам улғайган. «Тоттенҳэм» бош мураббийи. Айлана беркилди...
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид
11:34 / 30.09.2024
Мадрид дербисида тўполон, «МЮ» йирик ҳисобда ютқазди. Кун ўйинлари
13:45 / 08.04.2024
Туркияда антиқа финал, Шомуродов ғалабага ҳисса қўшди. Европада кун ўйинлари
12:16 / 04.02.2024
Хави яна ҳакамдан норози, АПЛда голлар ёмғири. Европада кун ўйинлари
15:34 / 11.12.2023