Жаҳон | 16:10 / 01.10.2024
2506
2 дақиқада ўқилади

Захар Прилепинга суиқасдда айбланган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Александр Пермяков бир вақтнинг ўзида олтита жиноий модда бўйича айбдор деб топилди. У нафақат умрбод қамоқ жазосига, балки 700 минг рубл миқдорида жаримага ҳам ҳукм қилинди.

Александр Пермяков Фото: РИА Новости / Кристина Кормилицына

Москвадаги ҳарбий суд 30 сентябр, душанба куни кремлпараст ёзувчи Захар Прилепинга суиқасд уюштиришда айбланган асли украиналик Александр Пермяковни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Эркак дастлабки беш йилни қамоқда, қолган вақтини махсус режимли колонияда ўтказади.

Пермяков Жиноят кодексининг олти моддаси бўйича айбдор деб топилди: террорчилик бўйича тайёргарликдан ўтиш, ноқонуний қурол сақлаш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, теракт, портловчи моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва портловчи қурилмаларни сақлаш. Бундан ташқари, у 700 минг рубл миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлади.

Прилепин 2023 йил май бошида автомобил портлаши оқибатида жароҳатланган

Кремлпараст ёзувчи Захар Прилепиннинг Audi Q7 автомобили 6 май куни Нижний Новгород яқинидаги Пионерское қишлоғида портлаб кетди. Портлаш натижасида Прилепин яраланди, унинг ҳайдовчиси Александр Шубин ҳалок бўлди. Прилепин Донбассга ташрифидан сўнг Москвага қайтаётган бўлган ва чегара ҳудудидаги назорат-ўтказиш пунктини кесиб ўтган. У тушликдан кейин машинага қайтганидан кейин портлаш содир бўлди.

Худди шу куни жиноят содир этилган жойдан унчалик узоқ бўлмаган ўрмон зонасида Александр Пермяков қўлга олинди, унинг ёнидан Россия ва Украина паспортлари ҳамда Қозоғистоннинг қалбаки паспорти, жанговар тўппонча, пластир, бешта сим-карта, иккита банк картаси, нақд рубл ва гривна, фонар, компас, чақмоқ тош, ўнта телефон рақамлари ва исмлар ёзилган қоғоз топилди.

Полиция бўлимида Пермяков айбини тан олди. Экспертиза уни қўлга олиш вақтида қўлларида портловчи модданинг излари борлигини аниқлади. «Медиазона» шунингдек, қўлга олингандан сўнг Пермяков Шубиннинг ўлимидан қайғуда эканини, лекин Прилепин ўлмаганидан афсусда эканлигини айтганини аниқлади.

Мавзуга оид